“Ватандош” Ўзбек—Америка жамиятининг Пенсильвания штатида шўъбаси очилди

Америкада ўзбеклар жамоаси кенгайиб борар экан, жамият ҳаётида ватандошларнинг бир-бирларига ёрдам бериш бўйича эҳтиёжи ортиб бормоқда. Буни Пенсильвания штатида ташкил этилган ватандошлар сайли мисолида ҳам кўриш мумкин.

200 нафарга яқин ҳамюртларимиз йиғилган мазкур сайилда ватандошлар ўзаро фикр алмашишди, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни асраб-авайлаш, ўзбеклар жамоатчилигининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш каби масалалар муҳокама қилинди. Дастурхонга ош, шашлик сингари миллий таомлар тортилди, ёш болалар учун миллий ўйинлар ташкил қилинди.

Шунингдек, тадбир давомида Пенсильвания штатидаги ватандошлар “Ватандош” Ўзбек — Америка жамиятининг шўъбасини очиш таклифи билан чиқди.

“Ватандош” Ўзбек — Америка жамияти кенгашининг бир қатор аъзолари тадбирда қатнашиб, жамиятнинг аҳамияти, уни қандай ташкил этиш керак, эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар ҳақида фикр алмашди.

Тадбирда жамиятнинг очилиши ҳақидаги фикр ва режалар яхши қабул қилинди.

Яқин кунларда “Ватандош” Ўзбек — Америка жамиятининг Пенсильвания шўъбаси ижро кенгаши тузилади, уларнинг алоҳида банк ҳисоблари бўлади.

Шуни қайд этиш керакки, “Ватандош” федерация шаклида ташкил қилинганининг мақсади ҳам Американинг турли штатларидаги ватандошларимиз билан фаол иш олиб бориш, фаолиятимизни у ерларда ҳам изчил давом эттиришдир.

Шу ўринда жамиятимиз Лутфулла Саъдуллаев, Акмал Холбоев ва тадбирни уюштиришда бош-қош бўлган бошқа ватандошларимизга ташаккур билдиради.