“Ўзбекистон ҳаво йўллари” электрон воситаларни ташигани учун қўшимча ҳақ жорий қилди

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси 2014 йилнинг 1 октябридан йўловчиларнинг юкини ташиш қоидаларига ўзгартишлар киритди. Бу ҳақида миллий авиакомпания сайтида хабар берилган.

Хабарда айтилишича, ушбу санадан эътиборан теле-, видео- ва радиоқурилмалар рўйхатга олинган ҳамда қиймати (нархи) кўрсатилган ҳолда ташилади. Айни вақтда, йўловчидан қурилманинг кўрсатилган қийматидан 10 фоиз миқдорида қўшимча тўлов ундирилади.

Агар йўловчи юкни расмийлаштириш жараёнида юқорида қайд этилган қурилмаларнинг нархини кўрсатмасдан, рўйхатга олишдан ва тегишли тўловларни тўлашдан бош тортса, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ушбу юкнинг бутунлиги учун жавобгарликни ўз бўйнига олмайди.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» ўз ахборотида ушбу янгилик нима сабабдан қабул қилингани, шунингдек, 1 октябрдан жорий этилган ушбу янгилик оммага нима учун 5 октябрда эълон қилинганига аниқлик киритмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил 1 октябридан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси фуқаролик авиацияси ҳаво кемалари йўловчиларининг, пассажир аъзоларининг қўл юкларида олиб ўтилаётган радио, аудио-видеотехника, ноутбуклар, планшет ва мобиль телефонлар авиахавфсизлик бўйича текширувдан ўтказилишини маълум қилган эди.