Ислом Каримов андижонлик ёш оила хонадонида меҳмон бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида 6 октябрь куни Андижон вилоятига ташриф буюрди.

ЎзАнинг хабар қилишича, Президент Олтинкўл тумани «Далварзин» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилган замонавий уй-жой массивини бориб кўрди.

Бу йил вилоятнинг 31 қишлоқ массивида намунавий лойиҳалар асосида 977 уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Янги массивларда табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви тармоқлари тортилиб, ички йўллар қурилди. Маҳалла гузарлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт мажмуалари бунёд этилди.

«Далварзин» маҳалла фуқаролар йиғинидаги массивда ҳам деҳқон бозори, савдо мажмуаси, нон цехи, стадион, болалар ўйин майдончаси ва дам олиш жойлари қурилди.

Президент янги лойиҳа асосида уй-жой қурилиши учун ажратилган ер майдони 6 сотих қилиб белгилангани, автомобиль учун алоҳида дарвоза ва уни сақлаш учун махсус жой кўзда тутилгани, хоналар халқимизнинг менталитети ва турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда жойлаштирилгани, улар майдони кенгайгани одамларимизнинг талаб ва истакларига жавоб беришини қайд этди.

Ислом Каримов янги уй соҳибларидан бири – Отабек Қобулов хонадонида бўлиб, бу ерда яратилган қулайликлар билан танишди, хонадон соҳибларининг ҳаёти, орзу-истаклари билан қизиқди.

– Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги байрами арафасида мана шундай замонавий, кўркам уйга кўчиб ўтдик, – деди хонадон соҳибаси Нигорахон Қобулова. – Бу ерда оила учун барча шароит ва қулайлик яратилган. Бу айниқса биз, аёлларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган.

Бу саъй-ҳаракатларимиз инсон учун, фарзандларимизнинг келажаги учун. Бундай уйларда яшаган болалар ҳар томонлама соғлом, мустақил фикрли бўлиб вояга етади. Чунки инсоннинг яшаш тарзи унинг дунёқарашига ҳам таъсир қилади. Биз бир пайтлар орзу қилганимиздек, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлади, деди Юртбошимиз.

Ислом Каримов қишлоқ аҳли ҳеч кимдан кам бўлмай яшашга ҳақли эканини ва бу йўлда амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш ҳамда мунтазам такомиллаштириб бориш лозимлигини таъкидлади.