Жорж Крол: “Ўзбекистонликларни доимо соғинаман”

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол Ўзбекистондаги дипломатик фаолияти давомида жуда кўп нарсаларни ўрганини айтиб ўтди. “Ўзбекистондаги вақтим, ўтган кунларим менга қувонч бағишлайди. Бу Ўзбекистонда ҳаво яхшилиги, илиқ ва қуёшли эканлигидан эмас. Гарчи америкалик ва Америкадан бўлсам ҳам бу ер менинг уйим. Мен бу ерда нафақат билим олдим, балки ҳиссиётга эга бўлдим”, деди у Марказий Осиё янгиликлар хизматига берган интервьюсида.

Дипломат, айниқса, ўзбекистонликларни алоҳида эътироф этган. “Булар афсонавий даражада меҳмондўст бўлиб қолмасдан, хорижликларга нисбатан ўзгача муносабатда бўлишади. Ўзбекистонликлар очиқ чеҳрали одамлар”, — деди у.

Элчи ҳар куни бу ердагилар ҳаёти ҳақида ниманидир ўрганишини, ҳис қилишини айтиб ўтди. Унинг сўзларига қараганда, гарчи унинг ватани узоқда бўлса-да, Элчининг бир қисми доимо Ўзбекистон билан боғлиқ бўлиб қолаверади. “Бу мен учун улкан қувонч, улкан соғинч. Чунки бу ерда бўлмаган пайтларим ўзбек мусиқаси, таомлари ва одамларини соғинаман”, — деди у.

Жорж Крол ўзбек мусиқасига ишқи тушганлигини айтди. “Мен ўзбек мусиқасидан катта баҳра оламан, уни доим эшитаман. Ҳатто Америкада юрганимда ҳам уни хаёлимдан чиқариб ташлай олмайман. Самолётда учаётганимда, АҚШда юрганимда бошимда фақат ўзбек мусиқаси янграб тураверади. Баъзан турмуш ўртоғим ҳайрон қолади: “Нега фақат шу қўшиқни эшитасан?”, деб сўрайди”, — деди у.

Элчининг айтишича, Ўзбекистонни тилга олганда хаёлида ипак, табиат гўзаллиги ва ош ва албатта, Андижон полькаси ўтишини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Жорж Крол ўз элчилик фаолиятини Қозоғистонда давом эттиради.