Ўзбекистонда барча сиёсий партияларга сайловда қатнашишга рухсат берилди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловида иштирок этишига ижозат берди.

Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломовнинг қайд этишича, барча сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига парламент сайловида иштирок этиш учун зарур ҳужжатларни – партия раҳбари томонидан имзоланган сайловда қатнашиш тўғрисидаги ариза, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотномаси ва сайловчиларнинг сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим этган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайлови бўлиб ўтади.

SHARE