Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодий кўрсаткичлари бўйича прогнозини оширди

Жаҳон банки Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2014 йилда 7,9 фоиз ўсишини прогноз қилди. Жорий йилнинг июнь ойида бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил қилишини маълум қилган эди.

Жаҳон банки экспертлари, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиёти 2015 йилда ҳам ўсишини маълум қилишди. Уларга кўра, келаси йил мамлакат ЯИМ кўрсаткичи 7,5 фоизни ташкил қилади. Ёзда банк экспертлари Ўзбекистон иқтисодиёти 2015 йилда 6,7 фоиз ўсишини прогноз қилишган эди.

Банк экспертлари фикрича, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳукумати томонидан экспортни диверсификация қилиш ва ички истеъмолни рағбатлантириш бўйича кўрилган чоралар мамлакат иқтисодиётининг ўсишига ёрдам беради.

Айни пайтда пахта ва олтин нархидаги ўзгаришлар, асосий экспорт бозорларидаги ёмон иқтисодий вазият, Россиядан келадиган пул жўнатмалари миқдорининг камайиши сўнгги 10 йилда бўлиб келган 8 фоизлик ўсиш кўрсаткичларига етиш имконини бермайди.

Ўзбекистон ҳукумати эса мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2014 йилда 8,1 фоиз ўсишини прогноз қилган эди.

SHARE