Жанубий Кореяда ўзбекистонликлар ҳақида “Балтика-9” деб номланган китоб чоп қилинди

Бир муддат Ўзбекистонда корейс тилидан ўқитувчилик қилиб қайтган Жанубий Кореянинг ёш ёзувчиларидан бири Ли Ун Сон ўзининг дастлабки китобини эълон қилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар тарқади.

Хабарда айтилишича, 32 ёшли ёзувчининг «Балтика-9» деб номланган илк китобига ўзбекистонликлар ҳаёти, турмуш тарзи ва одатлари ҳақидаги ҳикоялар ва қиссаларни киритилган.

Китоб қаҳрамонлари оддий ўзбеклар, қишлоқ одамлари бўлиб, улар корейс адабиётида ҳали кузатилмаган услубда тасвирланганлиги алоҳида қайд этилмоқда.

Шунингдек, ёзувчи нафақат халқаро экологик муаммо деб қаралаётган Орол муаммоси ҳақида ҳам фикр юритаркан, «Гилам» номли ҳикоясида муаммони ёритишга ҳаракат қилган.

Ўзбекистонликлар ҳақида ҳикоя қилувчи корейс тилидаги илк қисса ва ҳикоялар тўплами бўлган «Балтика-9» китоби Жанубий Кореянинг нуфузли Munhakkwa Jisong нашриёти томонидан чоп этилди ва Жанубий Кореядаги барча китоб дўконларида сотилмоқда.