Қашқадарёда фарзанд мастликда отасини ўлдириб қўйди

Қашқадарё вилоятида мактаб ўқитувчисини ўғли ўлдирди. Бу ҳақида Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Рустам Норчаев “Ҳуқуқ” газетасида маълум қилди.

“Қамаши туманидаги Бадахшон қишлоғида яшовчи Рустам Шоимов қишлоқ мактабида ўқитувчи эди. У ичкиликка берилиб, фарзандлари тарбияси, уларни ўқитиб, касб-корли қилиш ҳақида, энг яхши бисот — яхши тарбияланган фарзанд эканлиги тўғрисида ўйламади. Ўқимишли, ақлу ҳуши жойида бўлган болада ота-она билан бирга миллатнинг ҳам ҳаққи борлиги хаёлига келмади. Ўзи педагог бўла туриб, мамлакат ўз келажагини вояга етаётган ёшларга қараб белгилаши хаёлининг бир чеккасидан ҳам ўтмади. Оқибатда иззат-обрўсини йўқотди, оиланинг тинчи бузилди, рўзғоридан барака кетди”, деб ёзади прокуратура ходими.

Унинг таъкидлашича, ўқитувчининг ўғли, 1984 йилда туғилган, икки фарзанднинг отаси, тайинли бир касб-кори йўқ Бобомурод Шоимов ҳам, қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, ичкиликбозликни касб қила бошлайди. Ўғли уйга ичиб келаётганини кўрган ота унга бир неча марта танбеҳ беради. Отасининг насиҳати, қаттиқ танбеҳ беришлари Бобомуроднинг асабини қўзғайди.

Бобомурод 2014 йил 23 январь куни у синфдошлари билан спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолатда ота-онасининг уйига боради. Бу пайтда отаси Рус¬там Шоимов ҳам ўзини ҳимоя қила олмайдиган даражада маст эди. Илгари бир неча маротаба танбеҳ эшитгани туфайли отасига нисбатан кўнглида адоват сақлаб юрган Б.Шоимов бирдан отаси билан тортишиб қолиб, уни қасддан ўлдириш мақсадида бир учи синиб, ўткир предмет шаклига келиб қолган гайка бурагич билан отасининг бошига зарб билан урди. Отаси олган оғир тан жароҳати натижасида вафот этди.

Бобомуроднинг қилган жиноятини тан олиши ҳам осон кечмади. У судда ўз айбига иқрорлик билдирмасдан, 2014 йил 23 январь куни синфдошлари билан спиртли ичимлик ичишганлигини, кеч соат 21:00 ларда уйида ҳеч ким йўқлиги сабабли ота-онасининг уйига борса, айвонда отаси Р.Шоимов йиқилиб ётганини кўрганлигини, уйда чироқ йўқлиги туфайли унинг нима учун ётганлигини билмаганлиги ҳақида кўрсатув беради.

Бобомуроднинг онаси, мар¬ҳум Р.Шоимовнинг турмуш ўртоғи Бибисора Поёнова “Эримни мен ўлдирганман”, деб тергов жараёнида кўрсатма берди. Тергов-суриштирув идоралари ходимларининг синчковлик билан олиб борган тезкор тергов ҳаракатлари туфайлигина ҳақиқий жиноятчи ким эканлиги аниқланди…

Мазкур қотиллик юзасидан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича вилоят суди очиқ суд мажлисида кўрилиб, Бобомурод Шоимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан 16 (ўн олти) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.