Интернет кафеларда “бузуқи сайт”ларга киришга қарши махсус дастур ўрнатилмоқда

Ўзбекистонда ёшларнинг ахлоқий бузуқликни тарғиб этувчи сайтларга киришининг олдини олиш мақсадида интернет клублардаги компьютерларга махсус тақиқловчи дастурлар ўрнатилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

“Мамлакатимизда ёш авлодни турли зарарли ахборотлардан ҳимоялашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилган. Мустақиллигимизнинг илк кунларида – 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонунда ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, жумладан, зўравонлик, ҳаёсизлик ва шафқатсизликни тарғиб қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда беҳаёлик, шафқатсизлик ва зўравонлик ҳақида ҳикоя қилувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этишларига сабаб бўлувчи адабиётларни тарқатиш, фильмларни намойиш этиш тақиқланган”, — дейилади агентлик мухбири материалида.

Мақолада айтилишича, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ота-оналарнинг фарзандлари бўш вақтини назорат қилишдаги масъулиятини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, қонунда болаларнинг тунги вақтда оммавий кўнгилочар жойларда назоратсиз ҳозир бўлишига йўл қўйганлиги учун нафақат ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс, балки кўнгилочар маскан раҳбарига ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланган.

ЎзА мухбири ёшларнинг ахлоқий бузуқликни тарғиб этувчи сайтларга киришининг олдини олиш мақсадида интернет клублардаги компьютерларга махсус тақиқловчи дастурлар ўрнатилаётганини қайд этган. Бунда барча хабарлар автоматик тарзда фильтрланади ёки бола ўзи қизиқиб ножўя ахборотни олмоқчи бўлганида автоматик тақиқ ишга тушади. “Айни пайтда мазкур дастурлар ҳам тўлиқ хавфсизликни кафолатлай олмайди, чунки баъзида улар фойдали ахборотни чеклаб қўйиши ёки кераксизини ўтказиб юбориши мумкин”, — дейилади материалда.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг 2014 йил 31 мартдан кучга кирган қарорга мувофиқ, тижорий асосида интернет тармоғига кириш хизматини кўрсатувчи юридик шахсларнинг кўпқаватли турар-жой биноларининг ертўла ёки ярим ертўла иншоотларида бўлишига қатъий тақиқ қўйилган.

Интернет тармоғига кириш хизматини кўрсатувчи интернет-провайдерлар энди, асосий техник воситалар (компьютерлар, модемлар, телефон қурилмалари ва бошқа ускуналар)дан ташқари умумий фойдаланиш пунктларида, ташрифчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, кузатув камераларини ўрнатишлари керак.

Аввалги талаблардан ташқари, провайдерлар энди ташрифчиларнинг хавфсизликларини таъминлашлари (хусусан, видеокамералардан фойдаланган ҳолда), шунингдек, фойдаланилган веб-ресурслар ҳисоби (log-файллар)ни уч ой давомида сақлаб туришлари шарт.

Ушбу ўзгаришлар «умумий фойдаланиш пунктларида интернет тармоғига кириш хизматини кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятидаги салбий ҳолатларга йўл қўймасликка» йўналтирилган.

SHARE