Ўзбек, ўзлик ва хаста тил

Она тилимиз хаста одамга ўхшайди. Ёки номи улуғ, супраси қуруқ одамга.

Бу ўзбегим ўзбекка нарса сотса, эълонни ўрисча ёзади. Ўзбекистондаги рус мактабига қатнаган икки ўзбек ўзаро ажнабий тилда гаплашади. Ваҳоланки, ота-онаси ўзбек. Ўзбеклар орасида туғилиб ўсган. Руслар юртига, эҳтимол, умрида ҳали қадам қўймагандир…

Уларни қўя турайлик. Ўзимизнинг жайдари ўзбеклар-чи?

Интернетда ўзбекчани саводли ёзадиган одамни кўрсам, қувониб кетаман. Худди йўқотган нарсамни топгандек.
Нега энди ўзбек тилида бехато ёзадиган одам ё журналист ёки филолог бўлиши керак? Нега бошқа касб эгалари (олим маълумот соҳиблари!) ўзбек тилида бир қоғоз нарсани ғиж-ғиж хатосиз ёза олмайди? Домламиз бизга, бир бет ёзувда еттита хато чиқса, “икки” қўйилади, дерди. Бу қоидага риояга қиладиган бўлсак, “икки” эмас, “бир” оладиганлар кўпроқ чиқса керак, деб қўрқаман.

Бир эмас, икки эмас, нақд ўн бир йил (ҳозир ўн икки йил) она тилимизни ўргандик-а?! Қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, олий ўқув юртларига киришда, албатта, ўзбек тилидан имтиҳон топширамиз. Ҳатто ўрис мактабларида, ўрис миллатидагиларга ҳам ўзбек тили ўргатилади. Бошқа қайси фан ёки тилни бунча кўп ўқиймиз? Синфдан синфга, сўнг олий ўқув юртига, ундан кейин эса катта ҳаётга ўтаётган чаласавод кадрлар нега шу пайтгача ўзбек тили имтиҳонларидан йиқилмаган?

Демак, муаммонинг боши муаллимларда. Таълим берувчиларнинг ўзи таълимга муҳтож. Ўқитувчиларни етиштириш билан шуғулланувчи педагогика олийгоҳлари муаллимларини қайта ўқитиш керак.

Ё адабий тилимиз оғзаки тилдан узоқлашиб кетдими, деб ўйлайман баъзан. Бу ўйда катта ҳақиқат борлигига кейинги пайтда кўп амин бўляпман.

Китоб ва ойномалардан тортиб, радио ва ойнаижаҳонгача, тилимизда сунъийлик сезилади. Ўзимизни сўз билимдони қилиб кўрсатишга уринсак керак, сўзларнинг ўта бадиийсини, жумлаларнинг эса мураккабини танлаймиз. Гўзаллик – соддаликда, деган содда қоидани унутганмиз. Демак, халқнинг саводсизлашиб боришида маънога эмас, сўз ўйинига кўп этибор бераётган биз журналисту ёзувчиларнинг айби катта.

Ёзувчиларни, имло талабини қўя турайлик. Оғзаки тилимизчи? Қай биримиз соф ўзбек тилида равон гапираман, дея мақтана оламиз? Тўлиқ она тилида гапиришни қасд қилса, миясига айрим сўзларнинг аввал русчаси ёки инглизчаси (АҚШдагилар учун!) келмайдиган миллатдошимиз борми? Йўқ, десам ёлғончи бўлмасам керак.

Бунақада тилимиз ўлмайдими? Ўлик тиллардан бирига айланмайдими? Афсуски, бу кетишда ўлиши ҳеч гап эмас, ўлик тилга айланиши эҳтимоли катта. Ўзи ўлмасдан олдин тили ўлганлар озми?! Хорижда улғаяётган фарзандларимизни гапирмаса ҳам бўлади. Уларни (деярли) бой бериб бўлдик.

Тилни унутмаслик ҳақида нега бунча қайғуряпмиз? Глобал дунёда тор доирадан чиқиб, барча халқлар тили ва маданиятини ўзлаштирсак, нима қилибди, деб эътироз билдирувчиларга айтадиган гапим шу:

Сиз глобал биродарлик сифатида кўраётган бу дунёда аслида кучсиз маданиятлар кучли маданиятларга ем бўлмоқда. Ўз маданиятингиз, тилингизни унутиб, атрофингиздагилардан бирига айланишга розимисиз, демак, сиз таслим бўлдингиз. Бошқа тилни, маданиятни афзал кўрдингиз. Бориб-бориб, Ўзбекистоннинг, ўзбек маданияти ва урф-одатларининг сизга заррача қизиғи қолмайди.

Фарзандларингизга ўтганда эса, сўнгги ришта ҳам узилади. Чунки хорижда туғилган ўғлингиз ёки қизингиз учун океанортидаги Ўзбекистон дея аталувчи масканнинг курорт жойдан бошқа ўзига жалб қилувчи яна қандай жозибаси бўлиши мумкин? Тилингизни, динингизни ва аслингизни унутган бўлса?!

Сиз шунга розимисиз, Ватандош?

Беҳзод МАМАДИЕВ,
“Vatandosh” газетаси бош муҳаррири

SHARE