Ўзбекистонда 9 ойда ялпи ички маҳсулот 8,1 фоизга ўсди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 8,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,8 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми – 18,9 фоизга ўсди. Бу Ўзбекистон ҳукумати мажлисида маълум қилинган.

Ҳукумат мажлиси хабарида айтилишича, давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.

Ҳукуматга кўра, саноат тармоқларини жадал ривожлантириш дастурларини амалга ошириш ва ички талабни мутаносиб рағбатлантириш чора-тадбирлари истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг – 11,3 фоизга, чакана товар айланмасининг – 14,2 фоизга ва пуллик хизматларнинг – 11,1 фоизга ўсишини таъминлади. Хизматлар соҳаси миллий иқтисодиёт ўсишининг муҳим омилларидан бири бўлиб қолмоқда.

SHARE