Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари орасида ОИТСга чалиниш кўп учрамоқда

Ўзбекистонда 2012 йил давомида лаборатория усулида ОИТС инфекциясига текширилган шахслар сони республикада 2,2 миллионни ташкил этган бўлса, 2013 йилда бу кўрсаткич 2,5 миллионга етди. Бу ҳақда Ўзбекистон ОИТСга қарши кураш маркази директори Отабек Нурматов “Ҳуррият” газетасига маълум қилган.

Унинг айтишича, текширувлар сонининг ортиши касалликни эрта аниқлаш ва бошқаларга юқишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади. Текширилганлар орасида мазкур инфекциянинг аниқланиш кўрсаткичи 2012 йилда 0,17 фоиз бўлса, 2013 йилда эса 0,16 фоизни ташкил этди. Бунда текширувлар сони ортган бўлишига қарамасдан касалликнинг аниқланиш кўрсаткичи ўзгармади.

Ўтган йилда ОИВ инфекциясини юқтирганларнинг 53,6 фоизини эркаклар, 46,4 фоизини аёллар ташкил этди. ОИВ инфекциясига чалинганларнинг 65,2 фоизи 25-49 ёшдаги кишилар бўлиб чиқди. Кейинги пайтларда касалликнинг жинсий йўл билан юқиши кўпайиб бораётир. Хусусан, 2013 йилда республикамиз ҳудудида рўйхатга олинган беморларнинг 58,4 фоизида касаллик жинсий алоқа орқали, 27,8 фоизида парентерал (тери ва шиллиқ қаватлар орқали) йўл билан, 13,8 фоиз эса вертикал йўл орқали юққани аниқланган.

Хорижга чиқиб қайтаётган меҳнат мигрантлари орасида ҳам ушбу касаллик кўрсаткичи ортмоқда. Масалан, 2013 йил мобайнида 341минг 410 нафар шахс хорижда фаолият юритган. 90 фоизи ОИТСга текширувдан ўтказилганда, уларнинг сони 418 нафарни ташкил этди. Ҳолбуки, 2012 йилда бу кўрсаткич 272 нафарни ташкил этган.

Доимий ва вақтинча миграциядан қайтган шахслар орасида ОИТС ва одам савдоси профилактикаси тадбирларига жорий йил давомида 6572 нафар шифокор ва 13258 нафар ўрта тиббиёт ходимлари жалб этилди.