Голландия тараққиёт банки “Ҳамкорбанк”нинг 15 фоиз акцияларини харид қилди

Голландия тараққиёт банки (FMO) Ўзбекистондаги “Ҳамкорбанк”нинг 15 фоиз акцияларини харид қилди. Бу ҳақда “Новый век” газетаси хабар тарқатди. Бу келишув суммаси ошкор қилинмаяпти.

“Ҳамкорбанк” Голландия тараққиёт банки билан 2010 йилдан ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, 2012 йилнинг декабрида улар ўртасида 9 миллион АҚШ долларига тенг кредит шартномаси имзоланган. 2014 йилда яна 4 миллион доллар миқдорида кредит ажратилди.

Натижада “Ҳамкорбанк” ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилган йигирмадан ортиқ лойиҳани молиялаштирди.

Голландия тараққиёт банки кўрсатаётган техник ёрдам “Ҳамкорбанк”нинг ресурс базасини кенгайтириш билан бирга халқаро тажрибани жорий қилишда ҳам кўмаклашади.

Банк департаменти директори Азиза Иброҳимованинг қайд этишича, 2010 йилда Халқаро молия корпорацияси “Ҳамкорбанк”нинг 14,5 фоизли акциясини харид қилди. Бу “Ҳамкорбанк”нинг хорижий капитал иштирокидаги банк мақомига эга бўлишини таъминлади. “Новый век” газетасига кўра, ушбу битимнинг умумий нархи 3 миллион долларни ташкил қилган.

“Ҳамкорбанк” 1991 йилда ташкил қилинган бўлиб, Ўзбекистондаги ўртамиёна хусусий банк ҳисобланади. Унинг бош офиси Андижон вилоятида жойлашган.

Голландия тараққиёт банки эса 1970 йилда ташкил топган бўлиб, 51 фоиз акцияси ҳукуматга тегишли. У бозор иқтисодиётига ўтаётган мамлакатларга инвестиция киритади.