Google Maps ўзбек тилида йўл кўрсатади

Google Maps хизматидан эндиликда ўзбек тилида ҳам фойдаланиш мумкин.

Ушбу янгилик ҳақида Google’нинг ўзбекистонлик ходими Нодир Тўрақулов ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилди.

Parol.uz сайтининг ёзишича, Google Maps’да деярли барча сўзлар, шунингдек, Ўзбекистон ва вилоят, туман, шаҳар, кўча номлари ҳам ўзбек тилига таржима қилинган. Аммо бошқа давлат ва шаҳарлар номи ҳозирча таржима қилинмаган.

Google Maps’дан ўзбек тилида фойдаланиш учун maps.google.com сайтига кириш, ўнг томон пастки қисмидаги созлашлар бўлими орқали дастур тилини ўзбек тилига ўзгартириш зарур.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ, Google Translate рўйхатида ўзбек тили пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида Google компанияси маълум қилган эди.

Google эълонида, жумладан, шундай дейилади:

“…Сиз тилингизни Google Translate қўллаб-қувватлашини хоҳласайсизми? Тилингиз аллақачон қўллаб-қувватланса-да, таржима сифатини янада яхшилашни хоҳлайсизми? Сиз кўнгилли равишда ёрдам беришга қизиқасизми? Унда, илтимос, бизга хабар беринг, биз Сиз билан боғланамиз…”

Google билан ҳамма ўз ёрдамини таклиф қилиш мақсадида боғланиши мумкин. Бунинг учун компаниянинг расмий сайтидаги анкетани тўлдириш талаб қилинади.