ХМТ: Ўзбекистонда пахта теримига болалар жалб қилинишига барҳам беришда ижобий ўзгаришлар юз бермоқда

Халқаро меҳнат ташкилоти эксперти Ўзбекистон пахта йиғим-теримида болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта натижага эришганини таъкидлади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги эксперти Ҳарри Талига Ўзбекистон ҳукумат томонидан пахта йиғим-терими пайтида болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар устидан миллий назорат олиб борилганини қайд этди. Бу ҳақда AFP хабар тарқатди.

“Шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистон пахта йиғим-теримида ўз мониторингини яхши даражада ташкил қилди”, деди ҳукуматга миллий мониторингни олиб боришда яқиндан ёрдам бераётган Талига.

“Вазият ўзгаряпти”, деди у ўз тақдимотида.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон 2008 йилда Болалар меҳнатининг барча шаклларига барҳам бериш тўғридаги халқаро конвенцияни ратификация қилиб, болалар меҳнатининг олдини олишга қаратилган умуммиллий дастур ишлаб чиқди.

Жорий йилда Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти кўмагида 18 ёшдан кичик бўлган болаларнинг пахта теримига жалб қилинишининг олдини олиш мақсадида миллий мониторинг олиб борди. Талигага кўра, бу мониторинг 2013 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан амалга оширилган ҳамкорликнинг давомидир.

“Мен шахсан ўзим ўтган йилги қўшма мониторинг натижалари бўйича қилинган тавсияларнинг аксарияти амалга оширилганидан жуда хурсандман”, деди у, жумладан.

Экспертга кўра, мониторинг натижалари Женевада Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан кейинги босқичларда ўрганиб чиқилади.

Мониторинг натижаларига кўра, миллий мониторинг гуруҳи пахта йиғим-терими пайтида 48 та ҳолатда 18 ёшга тўлмаган болалар пахта йиғимига жалб қилинганини аниқлаган. Ҳисоботда айтилишича, уларнинг 41 нафар ўз хоҳиши ёки ота-онасининг ташаббуси билан пахтага жалб қилинган.

Болаларни пахта теримига жалб қилган фермерлар ҳамда коллеж директорлари 12 миллион сўм (5000 доллар атрофида) жаримага тортилган.