Ўзбекистон араб молия институтларидан 700 миллион доллардан ортиқ кредит жалб қилади

Ўзбекистон ҳукумати 2015—2019 йилларда араб молиявий институтларининг 700 миллион доллардан ортиқ кредитини жалб қилади. Бу ҳақда РИА “Новости” Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият, инвестициялар ва савдо вазирлиги вакилига асосланиб хабар тарқатди.

Мазкур битимлар Араб мувофиқлаштириш гуруҳи аъзолари – Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, Абу Даби тараққиёт жамғармаси ва ОПЕКнинг Халқаро тараққиёт жамғармаси, шунингдек, Ўзбекистон вазирлик ва идоралари учрашувида имзоланган.

ЎзАнинг хабар беришича, давра суҳбати доирасида Ўзекистоннинг вазирлик ва идоралари томонидан энергетика, йўл инфратузилмаси, коммунал хўжалик, таълим, экология, ирригация, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқа соҳаларда умумий қиймати 1,6 миллиард АҚШ долларидан зиёд 25 истиқболли лойиҳа тақдимоти ўтказилди.

Хабарларга кўра, ушбу кредитлар тиббиёт муассасалари, олий ўқув юртларини жиҳозлашга, умумтаълим мактабларида муқобил энергия манбаларини жорий қилиш, канализация тизимини таъмирлаш ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, шунингдек, миллий автомагистраль қурилишини якунлаш, темир йўл линияларини электрлаштириш мақсадларига йўналтирилади.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати шу пайтга қадар араб мамлакатлари молия институтларининг 500 миллион долларлик кредитларини ижтимоий соҳага йўналтирган.