АҚШда оралиқ сайловлар бўлиб ўтмоқда

Америка фуқаролари оралиқ сайловларда иштирок этмоқда. Сайловлар натижаси Сенат ва Конгресс вакиллар палатасини назорат қиладиган партияни аниқлаб беради. The New York Times газетасининг ёзишича, 90 миллион нафардан ортиқ сайловда қатнашади.

Вакиллар палатасини назорат қиладиган республикачилар партияси Сенатни назорат қилиш учун камида 6 сенатор ўрнини қўлга киритиши керак бўлади. Шу билан бирга, Президент Барак Обаманинг энг паст рейтинг кўрсаткичларига қарамасдан демократлар партияси ҳам ҳеч бўлмаганда ҳозирги ҳолатни сақлаб қолишга ҳаракат қилишади.

BBCнинг хабар беришича, жорий йилги сайловларда Сенатдаги ўринларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи, Вакиллар палатасининг барчаси, 50 та штатнинг 36 тасида губернаторлар ҳамда маҳаллий идоралар раҳбарларининг кейинги тақдири ҳал бўлади.

Америка сайлов тизими бирмунча мураккаб бўлиб, президент сайловлари оралиғида Конгресс Вакиллар палатаси (фаолият муддати 2 йил)га тўлиқ, Сенатнинг учдан бир қисми (сенаторлар 6 йил фаолият кўрсатади) ва губернаторларнинг катта қисми сайланади.

SHARE