АҚШ Бухородаги музей экспонатларини тиклашга грант ажратди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Крол ҳамда Давлат археология ва тарих музейи директори Абдурашид Закрилаев «Арк» номли Бухоро давлат археология ва тарих музейида қайта тикланган бадиий буюмлар кўргазмасини тантанали равишда очди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси хабар тарқатди.

АҚШ элчихонаси бу музей коллекциясидаги бадиий буюмларни сақлаш ва асраб-авайлаш учун Маданий меросни асраш бўйича элчи жамғармасидан 50,6 минг доллар миқдорида грант ажратган. Музей бу маблағни тош асридан то ўрта асрларгача тегишли бўлган археологик бадиий буюмларни қайта таъмирлашга сарфлади.

Бадиий буюмлар кўп йиллар илгари археологик қазилма ва тадқиқотлар давомида кашф этилган бўлиб, улар қаторига сопол идишлар, турли хилтангалар, шунингдек, Варахша, Пойкент ва Учкулоҳ масканларидан топилган суратлар ҳамда Шаҳристон қалъасидан топилган кўплаб гил буюмлар киради.

Лойиҳа доирасида 500та бадиий буюм қайта тикланиши кўзда тутилган эди, лекин элчихона гранти шарофати билан 732та буюм қайта тикланди. Очилиш маросимида уларнинг бир қисми намойиш этилди.

Бадиий буюмлар кўп йиллар илгари археологик қазилма ва тадқиқотлар давомида кашф этилган бўлиб, улар қаторига сопол идишлар, турли хил тангалар, шунингдек, Вараҳша, Пойкенд ва Учкулоҳ масканларидан топилган суратлар ҳамда Шаҳристон қалъасидан топилган кўплаб гил буюмлар киради.

“Бирмунча ёш давлат бўлишига қарамай, Ўзбекистон тарихи ва маданияти ниҳоятда бой ўлкадир. У чуқур анъаналар ҳамда кўҳна руҳий-маънавий қувватга эга мамлакатдир. Ўтмишни англаш ва шарафлаш чин маънода исталган мамлакатнинг келгуси барқарорлиги йўлида киритилган оқилона сармоя саналади. Буюк тарихий аҳамиятга эга, қадимги Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқларнинг маданияти, кундалик турмуши ва анъаналарини ўзида намоён этувчи Бухорода жойлашган ушбу музейдаги бадиий буюмларни қайта тиклашга ёрдам бериш биз учун шарафдир”, – деди очилиш маросимида сўзга чиққан элчи Крол жаноблари.

US Embassy
US Embassy

2001 йили ташкил этилиб, АҚШ Давлат департаменти томонидан бошқариладиган Маданий меросни асраш бўйича элчи жамғармаси бутун дунёдаги тарихий қадамжолар, маданий объектлар ва коллекциялар ҳамда анъанавий маданий ифода шаклларини асраб-авайлаш учун бевосита грантлар ажратади. Ташкил этилганидан буён, ушбу жамғарма 100 дан ортиқ ривожланаётган мамлакатларда 500 дан зиёд маданий меросга оид лойиҳаларни қўллаб-қувватлади.

Маданий меросни асраш бўйича элчи жамғармаси Ўзбекистонда қадимий ва тарихий биноларни қайта тиклаш, ноёб қўлёзма ва музей коллекцияларини баҳолаш ва сақлаб қолиш, муҳим аҳамиятга молик археологик қадамжоларни асраб-авайлаш ва қўллаб-қувватлаш, анъанавий ҳунармандчилик усулларини ҳужжатлаштириш каби 11 та лойиҳани маблағ билан таъминлаган.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси айни пайтда Маданий меросни асраш бўйича элчи жамғармаси учун аризалар қабул қилмоқда. Бу йил ариза топширишнинг охирги муддати 1 декабрь қилиб белгиланган.