Ўзбекистонда қор қоплонлари сони 50 тага кўпайди

Ўзбекистонда “Қизил китоб”га киритилган қор қоплони (илвирс) сони 50тага етди. Бу ҳақда Ҳисор давлат қўриқхонаси директори ўринбосари Б. Оромов “РИА Новости”га маълум қилган.

Табиатда учрайдиган ноёб ҳайвон турларидан бири – Қор қоплони (илвирс) бугунги кунга келиб ер юзида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлганлиги учун ҳам табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китобларига киритилган.

Б.Оромовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда ер юзида сақланиб қолган қор қоплонларининг сони 4500-7000 та атрофида эканлиги олимлар томонидан тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳудудида қор қоплони Жиззах вилоятидаги Зомин, Тошкент вилоятидаги Чотқол ва Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Қамаши ва Шаҳрисабз туманлари ҳудудида жойлашган Ҳисор давлат қўриқхоналарида учрайди. Ҳисор давлат қўриқхонаси ташкил қилинган даврларда, яъни 1983-1985 йилларда қўриқхона илмий ходимлари томонидан олиб борилган изланишлар натижасида ушбу ҳудудда 4-6 та қор қоплони яшаши аниқланган. Бугунги кунга келиб, қўриқхона ҳудудида қор қоплонларининг сони тахминан 50 бош атрофида.

Қор қоплони мушуксимонлар оиласига мансуб бўлиб, у Ҳисор давлат қўриқхонасининг денгиз сатҳидан 2500—4400 метргача бўлган баландликдаги тоғ қояларида яшайди. Унинг ранги жуда оч, деярли оқ тутунсимон тусли, терисининг катта қисмида йирик ҳалқасимон ва қўшилиб кетган майда қора доғлари бор. Узун ва қалин юнги, узун думи, калта бармоқли кенг оёқлари ва кучли ривожланган кўкрак мушаклари баланд тоғ чўққиларида чаққон югуриб ов қилиш ва қишнинг совуқларига дош беришда асқотади. Танасининг узунлиги 110-125, думининг узунлиги 90-105 сантиметргача бўлиб, урғочиларининг оғирлиги 35-40, эркаклариники эса 50 килограммгача етади.

Жаҳон қоплоншунос олимларининг таъкидлашича, қор қоплонлари табиатда 20 йилгача умр кўради. Улар ҳар икки йилда бир маротаба битта, гоҳида иккита болалайди. Ҳисор қўриқхонаси ҳудудида қор қоплонларининг асосий озуқа манбаи Сибирь тоғ эчкилари (маҳаллий халқ тилида кийиклар), қизил суғур, ёввойи тўнғизлар, ҳилол ва какликдир. Улар аҳён-аҳёнда яйловда юрган уй ҳайвонларига ҳам ҳужум қилиб туради. Қишда қоплонлар баланд чўққилардан кўчиб, тоғ эчкиларининг ортидан арча ўрмонзорлари ҳудудига, яъни денгиз сатҳидан 2300-2500 метр баландликларгача тушиб келиб, яшайди.

Ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида “Ёввойи табиатни асраш халқаро фонди” ва “Халқаро пантера жамғармаси” вакиллари билан Ҳисор давлат қўриқхонаси ходимлари ҳамкорлигида қўриқхона ҳудудида мавжуд қор қоплонлари сонини аниқлаш мақсадида Қизилсув бўлимининг Қизилдарё дарёси ўзани бўйлаб ҳар қандай шарпани сезиб, автоматик тарзда ишловчи 40 дона “Пантера” русумидаги фотоқопқонлар ўрнатилди. Йигирма кундан сўнг йиғиштириб олинган фотоқопқонлар олган суратлар ўрганилганда, “Қизил китоб”га киритилган 4 та Тяншань қўнғир айиғи, 6 та Туркистон силовсини, 2 та Ўрта Осиё қундузи, 17 та ёввойи тўнғиз ва 100 дан ортиқ Сибирь тоғ эчкиси билан бирга Ўзбекистон тарихида илк бор 2 та қор қоплони ҳам суратга олинди.

Бугунги кунда ер юзида қор қоплонлари яшайдиган майдон (ареал)лар, уларнинг асосий озуқа базаси ҳисобланган тоғ эчкилари ва тўнғизлар эса ноёб мўйнаси учун ноқонуний овлашлар натижасида йилдан-йилга камайиб бормоқда.