Сенат амнистия тўғрисида қарор қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига мувофиқ, инсонпарварлик тамойилига амал қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 10-бандига ва 93-моддаси 23-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қабул қилди. Унга кўра, а) аёллар; б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар; в) 60 ёшдан ошган эркаклар; г) чет давлатлар фуқаролари;
д) I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган деб топилган шахслар (Ўта оғир жиноят содир этган шахслар бундан мустасно) жазодан озод қилинади.

Қарорга биноан, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек қасддан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинади.

Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилинади.

Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинади.

Шу билан бирга, а) аёллар; б) жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар; в) 60 ёшдан ошган эркаклар; г) чет давлатлар фуқаролари;
д) I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликларга чалинган деб топилган шахслар, эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек қасддан ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги барча ишлар тугатилади.

Қарорда қайд этилишича, а) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати – учдан бир қисмига, б) қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддати тўртдан бир қисмига қисқартирилади.

Ушбу Қарорнинг амал қилиши – узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; ўта хавфли рецидивист деб топилган; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этган; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; муқаддам афв этиш ёки амнистия тартибида жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга амнистия қўлланилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш)да кўрсатилган жиноятни содир этган ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга амнистия қўлланилмайди.

Ушбу Қарор тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган шахсларга татбиқ қилинмайди.