Ўзбекистонда ойлик маош миқдори 10 фоиз оширилди

Ўзбекистонда 2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1, яъни 10 фоиз баравар оширилди. Бу тўғрисида Президент фармони қабул қилинди. Фармонда “республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида” ушбу чора кўрилгани қайд этилган.

Унга мувофиқ, 2014 йилнинг 15 декабридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам:

иш ҳақи – ойига 118 400 сўм (Марказий банк курсида 50 доллар атрофида);

ёшга доир пенсиялар – ойига 231 575 сўм (Марказий банк курсида 97 доллар атрофида);

болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 231 575 сўм (Марказий банк курсида 97 доллар атрофида);

зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 142 100 сўм (Марказий банк курсида 60 доллар атрофида) миқдорида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда энг кам иш ҳақи 107635 сўм бўлиб, 2014 йилнинг 1 сентябридан 12 фоизга оширилган эди.

SHARE