Ислом Каримов: “Қозоғистон ва Ўзбекистон бир-бирини яхши тушуна бошлади”

Қозоғистон ва Ўзбекистон бир-бирини яхши тушуна бошлади. Буни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан учрашув якуни бўйича оммавий ахборот воситалари учун қилган чиқиши чоғида маълум қилди. “Аввало, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаш соҳасида ўсиш суръати 2013 йилда 14 фоиз, 2014 йилнинг 9 ойида эса 25 фоизни ташкил қилди”, деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, бу масала, албатта, жиддий эътиборни талаб қилади. Қандай омиллар, қандай сабаблар бунга таъсир кўрсатди?

“Менинг шахсий фикрим шундан иборатки, биз бир-биримизни яхши тушуна бошладик. Бу биринчи ва энг муҳим омилдир”, деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу ташриф икки мамлакат раҳбарларининг ўтган йили Тошкентдаги учрашувининг мантиқий давоми ҳисобланади. “Стратегик шерилик тўғрисидаги тарихий ҳужжатнинг қабул қилиниши долзарб қадам бўлди. Мен ўз вақтида бу ҳужжатга у даражада эътибор бермаган эдим. Бугун дунёдаги жараёнлар нуқтаи назаридан у алоҳида аҳамият касб этди. У тобора долзарб бўлиб бормоқда”, деди Ислом Каримов.

Ислом Каримов Стратегик шериклик тўғрисидаги битимнинг имзоланишини Нурсултон Назарбоевнинг зийраклиги ҳамда келажакни кўра билиш қобилияти билан боғлади.

Ўзбекистон тарафи Қозоғистоннинг фаол ташқи сиёсий позициясини, шу жумладан, Нурсултон Назарбоевнинг минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Томонлар икки мамлакат олдида турган масалаларни ўзаро келишиш ҳамда ҳал қилишга содиқлигини маълум қилишди.

“Энг яқин халқлар, энг яқин дўстлар бўлади, биз — ўзбек ва қозоқ халқи шу тоифага кирамиз. Агар биз Нурсултон Назарбоев билан мана шундай пайтлар (бугун минтақа ва халқаро миқёсда юз бераётган таҳликали муаммолар)да учрашиб турмасак, бизни шунчаки тушунишмайди. Биз яқинда иккаламиз Тошкентда очган Абай ҳайкали эса бизга қараб турибди ва хаёлан сўрамоқда: “Сиз, дўстлар, Қозоғистон халқи, биринчи ўринда қозоқлар ва ўзбеклар ўзини осойишта ҳис қилиши учун нима қиляпсизлар?”. Нима деб ўйлайсиз, бу тўғрими?”, дея Ислом Каримов журналистларга мурожаат қилди ва унга қарсаклар жавоб қайтаришди.