Ислом Каримов Ироқда давом этаётган ачинарли тажрибани такрорламасликка чақирди

Ўзбекистон Афғонистондан халқаро коалиция кучлари чиқиб кетгач, ушбу мамлакатдаги вазиятнинг радикаллашувидан хавотир олмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарига таяниб, Tengrinews хабар тарқатди.

Ислом Каримовнинг сўзларига кўра, Афғонистондаги тинчликпарвар кучларнинг жуда тезлаштирилган ҳолда мамлакатни тарк этиши кутилмаган натижаларга олиб келиши мумкин.

“Бу тескари натижаларга, яъни янада кенгроқ тангликка, террористик кучларнинг кўпроқ фаоллашувига, айтишим мумкинки, фуқаролик урушининг янги босқичи юзага келиши мумкин. Буларнинг барчаси бугунги Ироқдаги вазиятга олиб бориши эҳтимолдан холи эмас. Бугун Ироқ ва Сурия ҳудудида юз бераётган ҳодисаларга АҚШ ва иттифоқчиларининг ҳаддан ташқари тез олиб чиқиб кетилиши асосий туртки бўлди. Ислом фанатик кучларининг хавфли даражада кенгайиши нафақат ушбу ҳудудларда террорчилик ҳаракатларини амалга оширмоқда, айни пайтда ўз таъсирини бошқа атроф ҳудудларда, биринчи ўринда, мусулмон оламида кенгайтирмоқда”, деди Ислом Каримов Қозоғистонга қилган ташрифи доирасида.

Ислом Каримов Ироқда юз берган ва бугун ҳам давом этаётган ачинарли тажрибани такрорламасликка чақирди.

“Бугун бундан анча аввал тайёрланган афғон муаммосини ҳал қилиш йўли, яъни собиқ президент Ҳамид Карзай узоқ муддат имзоламасдан, ушбу режани амалга ошириш имконини бермаган дастур янги уфқлар, имкониятлар эшигини очмоқда. Маълум бўлишича, АҚШ президенти қарори билан Афғонистонда қоладиган ҳарбийлар сони 10-12 минг атрофида эмас, балки 90 минг атрофида бўлади. Бундан кўриниб турибдики, биз бошқача режани кутаётган бўлсак-да, олдидан маълум бўлган айрим режалар ҳам ўзгармоқда”, деди Ислом Каримов.