Ўзбекистон жорий йилда Хитойга газ экспортини қарийб 57 фоизга оширади

Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Хитойга 360 миллион метр куб газни 116 миллион долларга сотди. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги Хитой божхона қўмитаси маълумотларига таяниб хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, ушбу кўрсаткич Марказий Осиё табиий гази экспортининг 13 фоизини ташкил қилади. Йил давомида Ўзбекистоннинг Хитойга амалга оширилаётган экспорт ҳажми 56,52 фоизга ўсади.

Марказий Осиё минтақасида Хитойга газ экспорти Туркманистон энг йирик экспортер бўлиб қолмоқда. Ушбу мамлакат 2014 йилнинг сентябрь ойида 2,38 миллиард метр куб газни 848 миллион долларга пуллади. 2013 йилда бу кўрсаткич 24,78 миллиард метр кубни ташкил қилган эди.

Қозоғистон сентябрь ойида 30 миллион метр куб газ экспорт қилган.

Ўзбекистон 2013 йилда 13 миллиард куб метр газ экспорт қилган. Шуни айтиш керакки, мамлакатда йилига 63-65 миллиард куб метр газ қазиб олинади. Унинг тахминан 50 миллиард куб метри ички истеъмолга йўналтирилади.
“Газпром”га эса 2013 йилда 7,5 миллиард куб метр, 2012 йилда эса 8,7 миллиард куб метр газ етказиб берилган.