Россия авиакомпаниялари Ўзбекистондаги аэропорт хизматлари учун ҳақни рублда тўлашлари мумкин

Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонда аэропорт хизматлари учун хизмат ҳақини рублда тўлашлари мумкин. Бу ҳақда Россия Федерацияси транспорт вазири ўринбосари Валерий Окулов сўзларига таяниб, РИА Новости маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, томонлар Тошкентда бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида бундай келишувга эришган.

Вазир ўринбосарига кўра, Россия авиакомпаниялари Ўзбекистон аэропортларидаги техник, тижорий ва аэронавигация хизматлари учун (авиаёнилғи бундан мустасно) тўловни рублда амалга оширишлари мумкин.

“Сўмнинг инфляцияси авиакомпаниялар даромадининг катта қисмини еб юбораётганлиги учун биз қисқа муддатларда даромадни конвертация қилишдан манфаатдормиз”, деди у.

Ўзбекистон тарафи, шунингдек, “Аэрофлот”га Москва — Самарқанд — Москва йўналишида янги мавсум жадвали бўйича авиақатновларни амалга оширишга рухсат беришга рози бўлган. Россия тарафи эса, ўз навбатида, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига Тошкент — Владивосток — Тошкент йўналиши бўйича рухсат берган.