“Газпром” Ўзбекистондаги фаолиятини янада кенгайтиради

Ўзбекистон ҳукумати ва Россиянинг «Газпром» компанияси 2015 йилнинг мартига қадар Устюрт платосидаги Жел газ кони юзасидан маҳсулотни тақсимлаш тўғрисида битим имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “РИА Новости” Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро мажлиси маълумотларига таяниб хабар берди.

«Биз «Газпром» билан янги маҳсулотни тақсимлаш битимини тайёрлаш ва имзолаш муддатлари бўйича музокара олиб бораяпмиз», – деди Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов.

«Комиссия «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ва «Газпром»га 2014 йилнинг 10 декабрига қадар Жел газ кони устида маҳсулот тақсимоти битими шартлари асосида ишлашнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги шартномани имзолашга тайёрлаш бўйича музокаралар ўтказиш, 2014 йилнинг 1 мартигача эса Жел бўйича маҳсулот тақсимоти битимини тайёрлаш, ички давлат жараёнларини ўтказиш ва имзолаш ҳақида кўрсатма берди», – дейилади мажлис материалларида.

Агар Жел бўйича ҳужжатлар имзоланадиган бўлса, бу «Газпром»нинг Ўзбекистонда маҳсулот тақсимоти битими асосида амалга ошираётган иккинчи лойиҳаси бўлади. 2004 йилнинг августида «Газпром» Устюртдаги йилига 500 миллион кубометр газ қазиб чиқариш қувватига эга Шоҳпахта конида 15 йил муддатга газ қазиб чиқаришни бошлаган эди.

Шоҳпахтада тўпланган газнинг умумий ҳажми 3 миллиард кубометрни ташкил этади. 2013 йил якунларига кўра «Газпром» Ўзбекистонда газ қазиб чиқаришни 2012 йилга нисбатан 5 фоизга ошириб, 315 миллион кубометрга етказди. 2014 йилда компания ушбу кўрсаткични 300 миллион кубометр кўринишида сақлаб қолмоқчи.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдинроқ “Газпром” Ўзбекистон ва Туркманистондан газ харидини тўхтатиши ҳақида хабарлар тарқаган эди.