«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Европа йўналишида чипталарга чегирма эълон қилди

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Европа йўналишидаги рейслар учун махсус янги йил тарифларини белгилади. Бу ҳақда компания расмий сайти хабар берди.

Унга кўра, реклама акцияси доирасида 2014 йилнинг 27 ноябридан 2015 йилнинг 31 январигача бўлган даврда Тошкентдан Париж, Лондон, Милан, Рим ва Франкфурт шаҳарларига парвоз қиладиган авиақатновларда эконом класс чипталарини махсус арзонлаштирилган нархларда харид қилиш мумкин.

Шунингдек, юқорида санаб ўтилган шаҳарлардан Тошкентга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компанияси самолётларида учиш учун ҳам чегирмалар белгиланган. Махсус тариф бўйича сотиладиган ўринлар сони чегаралангани маълум қилинади.
Хабарда чегирмалар миқдори ҳақида аниқ маълумотлар келтирилмаган.