Рустам Азимов Россияга мева-сабзавотни тўғридан-тўғри Ўзбекистондан импорт қилишни таклиф қилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Россия Ўзбекистон мева ва сабзавотларини Қозоғистон орқали импорт қилишдан воз кечиб, Ўзбекистондан тўғридан-тўғри импортни йўлга қўйиши лозимлигини таъкидлади. У буни Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисида маълум қилди. Бу ҳақда CA-News хабар тарқатди.

“Бизнинг Қозоғистонга экспорт қилаётган мева-сабзавотларимиз жорий йилда 10 фоизга кўпайди, аммо Россияга экспортимиз шунча миқдорда пасайди. Бу Божхона иттифоқи аъзолари эга бўлган божхона имтиёзларига эга эмаслиги сабабли юз бермоқда”, деди Азимов.

Унинг сўзларига кўра, бу савдода шаффоф бўлмаган, “яширин” схемаларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Чунки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Божхона иттифоқига аъзо мамлакатларнинг биттасига олиб кирилади ва у ердан ушбу мамлакат маркаси остида реэкспорт қилинади.

“Россия билан мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри импортни йўлга қўйиш мумкин. Бунинг учун ушбу маҳсулотларни етказиб бериш учун тарифларда преференциялар бериладиган бўлса, реэкспорт четга чиқариб юборилади”, деди Ўзбекистон ҳукумати аъзоси.

Рустам Азимов, шунингдек, Россия томонидан айрим мамлакатлар санкциясига қарши жорий қилинган чоралари Ўзбекистон импорт қиладиган айрим товарларнинг етказиб берилиши ва транзитига салбий кўрсатаётганини қайд этиб, Россия ушбу масалани Ўзбекистон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилишига умид билдирди.

Комиссия мажлиси якуни бўйича томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2015 — 2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича битимни имзога тайёрлашда ушбу муаммо ва масалаларни ҳисобга олишга келишиб олишди.