ЕХҲТ Ўзбекистон сайловларини кузатишга 20 кишилик чекланган кузатувчилар миссиясини юборди

Ўзбекистонга Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилар миссиясининг 12 кишидан иборат асосий гуруҳи келди. Миссияга элчи Даан Вильям Эвертс раҳбарлик қилмоқда. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, яқин кунларда уларга 8 кишидан иборат узоқ муддатли кузатувчилар қўшилади. Шундай қилиб, ЕХҲТ/ДИИҲБнинг кузатувчилар миссияси ЕХҲТга аъзо 16 мамлакат: Беларусь, Босния ва Герцеговина, Буюк Британия, Германия, Дания, Италия, Молдова, Нидерландия, Норвегия, Польша, Россия, Сербия, Франция, Чехия, Швейцария, Швециянинг жами 20 вакилидан иборат.

Миссия Ўзбекистондаги фаолиятини жорий йилнинг 1-30 декабрь кунлари давомида ташкил этишни режалаштирган. Унинг асосий вазифаси миллий сайлов қонунчилиги ҳамда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тажриба умум эътироф этилган халқаро норма ва стандартларга мос келишини баҳолашдан иборат. Кузатиш давомида миссия сайлов органлари ишининг ташкил этилиши, сиёсий партиялар, ОАВнинг сайлов жараёнидаги фаолияти билан танишади.

Мазкур миссия қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг амалда татбиқ этилиши, сайловолди ташвиқоти ўтказилиши, сайловчиларни рўйхатга олиш ва оммавий ахборот воситаларида сайлов жараёни ёритилишини кузатиб бориш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, таъкидланганидек, кузатувчилар овоз бериш куни чекланган миқдордаги сайлов участкаларига ташриф буюради.

ЕХҲТ/ДИИҲБ билан бирга сайловларни кузатиш истагини яна 4та халқаро ташкилот — МДҲ Ижроия қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти, Жаҳон сайлов органлари ассоциацияси изҳор этди.

Бундан ташқари, Республика Марказий сайлов комиссияси томонидан 35та хорижий давлат, шу жумладан Осиё, Европа, МДҲ мамлакатлари, Африка ва Америкадаги 275 нафар кузатувчига таклифномалар юборилган. Улар орасида миллий парламентлар ва сайлов органларининг раҳбарлари ҳамда аъзолари, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари, шунингдек, олим ва сиёсатшунослар кўпчиликни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, парламент сайлови шу йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтади.