Ниша Бисвал: “АҚШ Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистондаги вазиятни ўнглаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қадрлайди”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раундида иштирок этиш учун Тошкентга келган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвални қабул қилди.

ЎзАнинг хабар беришича, Ислом Каримов меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлар экан, мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган амалий ҳамкорлик суръатини ижобий баҳолади.

Учрашувда таъкидланганидек, турли даражадаги доимий мулоқотлар томонларга бир-бирини англаш, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш имконини бераётир. Бу давлатлараро миқёсда, шунингдек, илм-фан ва таълим, маданият ва санъат намояндалари, фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги ҳамкорликда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Мулоқот чоғида халқаро масалалар, жумладан, минтақа ва унинг ташқарисида ҳам хавфсизликка таҳдид солаётган Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат котиби ёрдамчиси АҚШ Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистондаги вазиятни ўнглаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, давлатимизнинг ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклашда кўрсатаётган ёрдамини юксак қадрлашини таъкидлади.

Ниша Десаи Бисвал самимий қабул, ўзаро ҳамкорликка оид ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш имконияти яратилгани учун Президентимиз Ислом Каримовга миннатдорлик билдирди. Америкалик дипломат ўз давлати раҳбарияти номидан АҚШ Ўзбекистон билан кўп қиррали ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни изчил ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.

Ўзбекистон – АҚШ муносабатларида савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалар муҳим ўрин эгаллайди. АҚШнинг йирик компаниялари билан иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик давом этмоқда.

Мамлакатлар ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришда Америка – Ўзбекистон савдо палатаси алоҳида аҳамиятга эга. Шу йилнинг ноябрь ойида Тошкентда Ўзбекистон ва АҚШ бизнес вакиллари иштирокида ушбу палатанинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

SHARE