Ўзбекистон коррупция рейтингида 168-ўриндан 166-ўринга юқорилади

Transparency International халқаро коррупция қарши курашиш ташкилоти 2014 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индекси (Corruption Perception Index)ни эълон қилди.

«Газета.uz»нинг мазкур ҳисоботга таяниб ёзишича, Ўзбекистон ўтган йилдагига қараганда индексда икки ўринга 168-ўриндан 166-ўринга юқорилаган. 2012 йилда эса рейтингда Ўзбекистон 170-ўринда эди. Индексда жами 175 та мамлакат ўрганилган.

Коррупцияни қабул қилиш индекси 0 ва 100 баллгача бўлган шкалада баҳоланиб, у давлат секторида коррупция даражаси ҳақида экспертларнинг баҳоларига асосланади.

Индекс натижалари турли нуфузли ташкилотлар томонидан коррупция ҳақидаги сўров ва баҳолашлар йиғиндиси ҳисобланади.

Индексда мамлакатнинг юқори ўрин эгаллагани у ерда ҳукумат очиқ сиёсат олиб бориши, халқда амалдорларни жавобгарликка тортиш имконияти борлигини билдиради. Пастки ўринлар эса мамлакатда коррупция учун жазолар етарли эмаслиги ва давлат институтлари фуқаролар эҳтиёжларига эътибор қаратмаслигини билдиради.

Рўйхатга кирган 175 мамлакатнинг учдан икки қисми 50 баллдан камроқ баҳога лойиқ кўрилган. Рейтингда 92 балл билан Дания биринчи ўринни эгаллаган. Дастлабки ўнталикдан Янги Зеландия (91 балл), Финляндия (89), Швеция (87), Норвегия (86), Швейцария (86), Сингапур (84), Голландия (83), Люксембург (82) ва Канада (81) жой олган. Шимолий Корея ва Сомали эса 8 баллдан тўплаб рўйхатнинг энг сўнгги ўринларини эгаллашган.

Ўзбекистон жорий рейтингда 18 балл тўплаган. Сўнгги икки йилда мамлакат 17 балл йиға олганди. Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлардан Эстония – 26-ўрин (69 балл), Литва — 39 (58), Латвия — 43 (55), Грузия — 50 (52), Арманистон — 94 (37), Молдова — 103 (35), Беларусь — 119 (31), Озарбайжон — 126 (29), Қозоғистон — 126 (29), Қирғизистон — 136 (27), Россия — 136 (27), Украина — 142 (26), Тожикистон — 152 (23), Тукрманистон — 169 (167) эгаллаган.

SHARE