НАТО 2015 йилдан Афғонистонда 12 минг кишилик янги миссия фаолиятини йўлга қўяди

НАТО Афғонистонда 12 минг кишидан иборат таркибда янги миссия фаолиятини йўлга қўяди. Ушбу миссия келаси йилнинг 1 январидан Афғонистон қуролли кучларини ўқитиш билан шуғулланади.

Бу қарор НАТОнинг Афғонистон бўйича 14 та ҳамкорлари ташқи ишлар вазирлари учрашувида маълум қилинган. Миссия ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди. Эслатиб ўтамиз, НАТО шафелигидаги халқаро кучлар фаолияти 2014 йилнинг охирида якунланади. НАТО қўшини умумий сони 139 минг кишига етган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Афғонистондан ISAF тинчликпарвар кучларининг 2014 йилнинг охирига қадар олиб чиқиб кетиш якуний муддатини узайтириш зарурлигини таъкидлаб келади.

“Бугун бундан анча аввал тайёрланган афғон муаммосини ҳал қилиш йўли, яъни собиқ президент Ҳамид Карзай узоқ муддат имзоламасдан, ушбу режани амалга ошириш имконини бермаган дастур янги уфқлар, имкониятлар эшигини очмоқда. Маълум бўлишича, АҚШ президенти қарори билан Афғонистонда қоладиган ҳарбийлар сони 10-12 минг атрофида эмас, балки 90 минг атрофида бўлади. Бундан кўриниб турибдики, биз бошқача режани кутаётган бўлсак-да, олдидан маълум бўлган айрим режалар ҳам ўзгармоқда”, деди Ислом Каримов.

АҚШ Президенти Барак Обама режасига кўра, Афғонистонда 2014 йилдан сўнг 9800 нафар миқдорда Америка ҳарбий контингенти қолиши керак эди. 2017 йилнинг бошига қадар эса Афғонистонда биронта ҳам америкалик ҳарбий қолмайди.

Аммо экспертлар бу режа ўзгариши мумкинлигини қайд этишмоқда. Хусусан, АҚШ мудофаа вазирининг истеъфога чиқарилиши, қолаверса, “Ислом давлати” хавфининг ошиб бораётгани АҚШни янги стратегия ишлаб чиқишга мажбур қилмоқда.

SHARE