Юлдуз Усмонованинг Нью-Йоркдаги концерти бекор қилинди

Ўзбек эстрадаси юлдузи Юлдуз Усмонованинг Нью-Йоркдаги концерти олдинига бошқа кунга кўчирилди, кейин эса бекор қилинди. Бу ҳақда Shov-shuv.uz сайти раҳбари Жасур Ҳамроев маълум қилган.

Юлдуз Усмонова ушбу концертни бошқа бир машҳур хонанда Шабнам Сурайё ва қўшиқчи Мансур билан биргаликда ўтказишни режалаштирган эди.

Концертнинг бекор қилинишига таклифномада фақат Юлдуз Усмонованинг ўзигина кўрсатилгани сабабчи бўлган. Ташкилотчилар хонанданинг АҚШга кириш визасини расмийлаштирилган, бироқ унинг созандалари ҳақида унутиб қўйишган. Натижада, созандалар ўз вақтида виза расмийлаштира олмаган ва концертни бекор қилишга тўғри келган.

— “Океан орти”да ҳам примадоннанинг иккита концерти эълон қилинган кундан катта шов-шув кўтарилди. Бу гал у ёлғиз эмас эди. Шабнам Сурайё ва Мансур каби юлдузлар ҳамроҳ бўлиши керак эди… Афсус, хушхабар хомушлик ила якун топди. Октябрнинг учинчи декадасида икки кун эълон қилинган концертларга тез фурсатда чипталар сотилишига эришилди… Бироқ, энди кимнинг чиптаси эсдалик учун қолди, ким пешона тери билан топган ҳалол пулини ташкилотчилардан қайтариб олмоқда, — дейилади хабарда.

Жасур Ҳамроевнинг АҚШдаги манбасига таяниб айтишича, барчасига ташкилотчилар айбдор. Юлдуз Усмонова ваъдасига вафодор. Ташкилотчилар петиция масаласида Стелла исмли аёлга мурожаат этган. Стелла ҳужжатларни тегишли ташкилотларга тақдим этишда фақат Юлдуз Усмоновани кўрсатган. Ахир, Юлдуз жонли куйласа, у мусиқачиларисиз бирон концертга бормаслиги аниқ-ку?! Ундан ташқари, ўша ҳужжатларда концертда иштирок этувчи яна бир хонанда Шабнам Сурайё умуман кўрсатилмаган! Петиция бир-икки кунда кўриб чиқиладиган ҳужжат эмас. Вақтдан ютқазилаётгани боис, концерт кунлари ўзгартирилди. Унга қадар эса, Юлдуз, Шабнам ва Мансур иштирок этиши лозим бўлган кемадаги концертга деярли барча чипталар сотиб тугатилган эди.

“Декабрга кўчирилган концертдан барча мухлислар умидвор бўлди. Ташкилотчилар навбатдаги ҳужжат расмийлаштиришни бошқа шахсга ишониб топширишди. Барибир натижа бўлмади. Бўлганида ҳам, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида виза олишнинг ўз расмий қонун-қоидалари борлиги учун ҳам улгуриб бўлмасди. Анкета тўлдириш ва консул билан суҳбатдан ўтиш учун бирон кунни белгилаш… Хуллас, ишга юзаки қараш ва ташкилотчилардаги тажрибасизлик концертларни бекор қилишга сабаб бўлди. Мухлислар сарсон бўлгани қолди”, деб ёзади муаллиф.

Маълумотларга кўра, Юлдуз Усмонова Америкада 2015 йилда концерт беришни режалаштиган.

SHARE