Барак Обама АҚШ мудофаа вазири лавозимига Эштон Картер номзодини илгари сурди

АҚШ президенти Барак Обама мамлакат мудофаа вазири лавозимига Эштон Картер номзодини илгари сурди. У илгари пентагон раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган эди.

Барак Обаманинг қайд этишича, бугун миллий хавфсизлик учун бир қанча таҳдидлар мавжуд. Америка қуролли кучларининг салоҳиятини эътироф этган ҳолда буни ҳисобга олиш керак бўлади.

Пентагон раҳбарлигига номзод Эштон Картер Барак Обамага билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдирди.

“Мен ушбу лавозимга тавсия қилинганимдан ғурурланаман”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ, амалдаги мудофаа вазири Чак Ҳейгел истеъфога чиқиши ҳақида маълум қилган эди. Бунга сабаб Яқин Шарқда “Ислом давлати” террорчилик ташкилотининг хавфи ортиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида фикрлар билдирилмоқда.

Чак Ҳейгел ўз издоши ватанпарвар эканлигини ва унинг номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Демократик партия вакили бўлган Эштон Картер жорий йилда 60 ёшни қарши олди. Аксарият кузатувчиларнинг таъкидлашича, унинг номзодини сенаторлар, хусусан, бир қатор республикачилар-сенаторлар ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин. Масалан, Жон Маккейн унинг номзодига қаршилик қилмаслигини маълум қилган.

Экспертларнинг фикрича, Барак Обаманинг мудофаа тизимидаги кадрлар сиёсати, биринчи ўринда, АҚШ зиммасига олган масалаларда вазиятнинг тобора ёмонлашиб бораётганидир.

Биринчиси, бу бевосита “Ислом давлати” террорчилик ташкилоти билан боғлиқ бўлиб, АҚШнинг миллий хавфсизлик доктринасида қайд этилмаган таҳдид сифатида Обама маъмуриятини боши берк кўчага тиқиб қўйди.

Иккинчидан, Афғонистонни тарк этиш ва у ерда чекланган миқдорда қўшинни сақлаш режасига ҳам ўзгартириш киритишга тўғри келмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, Афғонистонда НАТО бўйича ҳамкорлари билан бирга 30-40 минг аскарни сақлаб туради.

Учинчидан, мамлакат ичида обрўси тобора тушиб бораётган Барак Обама қатъий ташқи ва мудофаа сиёсати билан бироз мавқени тиклаб олиши мумкин. Чунки мудофаа ва ташқи сиёсат Обаманинг мутлақ ваколатлари бўлиб, бу борада кўп муваффақиятга эриша олгани йўқ.