Ўзбекистонда 8,7 минг нафар 100 ёшга ошган фуқаролар истиқомат қилмоқда

Бугунги кунда Ўзбекистонда 60 ёшдан ошганлар сони 2 миллион 873 мингдан кўпроқ кишини ташкил этади. Мустақиллик йилларида аҳолининг ўртача ёши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Конституциянинг 22 йиллигига бағишланган маросимда айтиб ўтди.

Президентга кўра, айни пайтда юртимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар – шунга эътибор беринг – 100 ёшдан ошган табаррук қариялар яшамоқда. Улар орасида 3 минг 109 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 69 минг 994 нафар фронт ортида меҳнат қилган инсонлар бор.

Мамлакат аҳолиси 2015 йилнинг 1 январида 31 миллион 500 минг кишини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Ислом Каримов 2015 йилни Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, шу йилнинг ўзида уларга давлат бюджети ҳисобидан 11 триллион 618 миллиард сўмдан ортиқ пенсия, 105 миллиард сўмдан зиёд нафақалар тўланган.