Бухорода янги қуёш энергияси станцияси қурилади

Италиянинг MyEnergy Spa компанияси Бухорода қуввати 2 МВт бўлган фотоэлектрик станциясини барпо этади. У Бухородаги Қандим конлари гуруҳини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.

Компаниянинг расмий сайти хабар тарқатишича, фотоэлектрик станцияси лойиҳасини ишлаб чиқадиган ҳамда барпо этадиган компания кон ҳудудида 8 мингга яқин модуллар қуриш бўйича халқаро тендерда ғолиб бўлган. Ушбу тендер Россиянинг “Лукойл” компанияси томонидан амалга оширилган.

Лойиҳа ҳақида бошқа маълумотлар келтирилмаган. Яна шу нарса қайд этилганки, компания Самарқанд вилояти қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектрик станцияси қурилиши бўйича тендерда ҳам иштирок этмоқда.

Пастдарғом тумани “Торариқ” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 400 гектар ер майдонида мазкур йирик иншоот ишга тушгач, йилига 192 миллион кубометр табиий газни тежаш имконияти юзага келади.

Айрим манбаларга кўра, Ўзбекистонда яна учта қуёш электр станцияси барпо этилади. Ушбу истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун жойлар аниқланган. Унга кўра, Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Сурхондарёнинг Шеробод ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманларида барпо этилади. Айни пайтда мамлакатдаги энг катта қувватга қуёш станциясини Навоий вилоятининг Кармана туманида барпо этиш кўзда тутилмоқда. Унинг қуввати тахминан 130 мегаватт бўлади.