Ислом Каримов: “Глобаллашувни ҳеч ким тўхтата олмайди”

Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов Конституция қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тадбирдаги маърузасида глобаллашув жараёнини тўхтатиб бўлмаслигини айтиб ўтди

“Глобаллашувнинг иккита жиҳати бор: биринчи томонида, албатта, уни ҳеч ким тўхтата олмайди, темир девор қуриб бўлмайди. Нимани маън қилсангиз, йўлини ва бошқаларни ёпиб қўйсангиз, у ундан баттар сизнинг уйингизга кириб келади”, деди Ўзбекистон раҳбари.

Президентга кўра, шунинг учун бизнинг асосий мақсадимиз уларни ёпиш эмас, интернетдаги бўлган нарсалардан қочиш эмас. Шунинг ичига кириб, ўзига хос ва ўзимизга мос ҳаёт тарзини танлаб олишимиз керак.

“Агар болаларимиз шунга етиб борса, демоқчиманки, ўзлари қорани оқдан ажратиб олишга қурби етса, умуман ҳеч нарсага қўшилиш керак бўлмайди. Бундай бузуқ ахборотлардан болаларимизни асраш учун уларни тарбиялашимиз керак. Уларнинг ўзини интернетга ўргатишимиз керак…Шундан кейин унинг ўзи қидирмайди”, деб қайд Ислом Каримов.

Ислом Каримов телевидение орқали одамлар ҳаётини бузиб кўрсатадиган, уларнинг кайфиятини бузадиган реклама ва хабарлар бўлиб турса, маънавий юксалиш ҳақида гапириш қийинлигини айтиб ўтиб, шундай бўлса-да, ота-оналарни болаларни асрашга чақирди.

SHARE