АҚШ армиясида ўз жонига қасд қилганлар сони урушда ҳалок бўлганлар сонидан ошиб кетди

АҚШ ҳарбийлари урушда нобуд бўлгандан кўра кўпроқ ўз жонига қасд қилиш орқали ҳалок бўлар экан. 2004-2011 йилларда АҚШ армиясида ўлимлар рўйхатида асосан урушда ҳалок бўлганлар етакчилик қилган бўлса, 2012 ва 2013 йилларда бу борада суицид, яъни ўз жонига қасд қилганлар етакчилик қилмоқда.

Бу ҳақда Пентагоннинг ойлик журналида чоп қилинган мақолада маълумот берилган. Сўнгги икки йилда суицид уруш, саратон, юрак хуружи, қотиллик, йўл-транспорт ҳодисалари сингари ўлимга олиб келувчи сабаблар орасида етакчи сабабга айланди. Сўнгги икки йилда содир бўлган ҳар ўнта ўлимнинг 3 таси айнан суицид орқали содир бўлган.

Транспорт авариялари армияда ўлимлар орасида 2008 йилда бу борада етакчи сабабга айланган эди. 2005-2010 йилларда юз берган ҳар 3 ўлимнинг биттаси, 2007 йилда эса 46 фоиздан ортиғи Ироқ ва Афғонистондаги уруш сабаб юз берган.

9 сентябрь воқеаларидан сўнг Ироқ ва Афғонистонда 6800 нафар ҳарбий ҳалок бўлди. Бу даврда 3 минг нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилари ўз жонига қасд қилган.