Қозоғистонда совуқда қолиб кетган 54 нафар ўзбекистонлик қутқарилди

Қозоғистоннинг “Қизилўрда — Павлодар” трассасида кучли совуқдан 50 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари қутқарилган. Бу ҳақда Караганди вилояти ички ишлар департаментига таяниб “Казахстан-новости” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

“Караганди вилояти ички ишлар департаменти йўл-транспорт полицияси батальони экипажи томонидан “Мерседес” автобуси йўлда туриб қолгани аниқланди. Унда Ўзбекистон Республикасининг 54 нафар фуқароси ҳамда 2 нафар ҳайдовчи бўлган. Автобус Новосибирскдан Тошкентга келаётган бўлган”, дейилади хабарда.

Полициянинг хабар беришича, автобус йўлда бузилиб қолади. Ҳайдовчилар икки соат давомида автобусни созлашга ҳамда двигателни ишга туширишга ҳаракат қилади. “Йўловчилар музлай бошлашади. Полиция саъй-ҳаракати билан йўловчиларнинг аксарияти эвакуация қилинади ва бошқа транспорт воситалари билан энг яқин овқатланиш жойигача етиб олишади”, дейилади хабарда.

Йўловчилар ва ҳайдовчилардан ҳеч ким зарар кўрмади.