Алишер Усмонов Нобель мукофоти медалини сотиб олди

Асли Ўзбекистондан бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмонов америкалик биолог-олим Жеймс Уотсонга тегишли бўлган нуфузли Нобель мукофотининг олтин медалини Christie’s аукциони орқали харид қилди.

BBC’нинг хабар беришича, бизнесмен ушбу медалга 4,8 миллион (4,1 миллион доллар медаль нархи ва комиссия) доллар тўлаган. Маълум бўлишича, олим ўз ишчанлик обрўсини тиклаши учун маблағ керак бўлгани боис медални сотувга қўйишга мажбур бўлган. Гап шундаки, унинг ирқ масаласидаги фикрлари оммавий ахборот воситалари томонидан жиддий танқидга учраган ва унинг ишчанлик обрўсига путур етган. Хабарда қайд этилишича, шу пайтга қадар тарихда лауреат ҳаётлигида мазкур нуфузли мукофот сотувга қўйилмаган эди.

“Мен етук олим ўз ютуқлари учун қўлга киритган мукофотни сотишга мажбур бўлишини қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайман. Уотсон жанобларининг ишлари менинг отам ўлимига сабаб бўлган саратон хасталигига қарши курашишда тадқиқотларга йўл очган. Мен учун маблағим илмий тадқиқот учун йўналтирилиши, мукофот эса унга муносиб кўрилган инсон қўлида қолмоғи муҳимдир”, деб фикр билдирди Алишер Усмонов.

Олимнинг қайд этишича, 2007 йилда берган интервьюларидан бирида турли ирқдаги шахсларнинг жисмоний ва интеллектуал ривожланиши турли бўлиши ҳақидаги фикрлари оммавий ахборот воситаларида кескин танқидга учрайди.

Уотсон 1967 йилда Морис Уилкинсон ва Фрэнсис Криклар билан бирга ДНК тузилмасини очганлиги учун олган. Уотсон аукциондан келиб тушган маблағнинг бир қисмини унга билим берган олий таълим муассасаларига ҳомийлик ёрдами сифатида ўтказиб бермоқчи.