Россия Ўзбекистоннинг 865 миллион долларлик қарзидан кечади

Россия Ўзбекистоннинг 865 миллион долларлик қарзидан кечади. Бу ҳақда Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуанов Тошкентда журналистларга маълум қилди.

РИА Новостининг хабар беришича, ҳозирда Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турибди.

“Ўзбекистоннинг жами қарзлари 890 миллион долларни, унинг 500 миллиони асосий қисми ҳисобланади. Ана шу асосий қисмдан Ўзбекистон тарафи 25 миллион долларни тўлайди. Қолганлари эса Ўзбекистоннинг давлат қарзини енгиллаштиришга кетади”, деди Силуанов.

Унинг қайд этишича, қарздан кечиш бўйича битим Россия ҳукуматининг ўтган ҳафта бўлиб ўтган йиғилишида маъқулланган.

Ушбу қарз Ўзбекистон томонидан қачон ва нима мақсадда олингани ҳақида ҳеч қандай маълумотлар келтирилмаган.