Ислом Каримов: “Марказий Осиёда Россиянинг манфаатлари ҳар доим бўлган”

Тошкент шаҳрида расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан мулоқот олиб борди.

Россия Президенти матбуот хизматининг ёзишича, Ислом Каримов халқаро муносабатлардаги мураккаб вазият шароитида ўзаро позицияларни аниқлаштириб олишни исташини маълум қилган. “Дунёда жиддий кескинлик юзага келган, маълум қарама-қаршиликлар, жаҳоннинг турли нуқталарида можаролар давом этмоқда ва биз нафақат ушбу муаммоларга жавоб қайтаришимиз, умумий мақсад ва вазифаларимиз бўлган масалалар бўйича позициямизни ҳам белгилаб олишимиз керак”, деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон раҳбари иккитомонлама муносабатларда, хусусан, тузатиш киритиш керак бўлган масалаларни ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилишни таклиф қилди. “Марказий Осиёда Россиянинг ҳар доим манфаатлари бўлган ва бу манфаат ҳар доим барқарорлаштирувчи хусусиятга эга бўлган”, деди Ислом Каримов.

Ўзбекистон Президентига кўра, афғон муаммоси ҳали ўз ечимини топгани йўқ. “Афғонистондан халқаро кучларнинг чиқиб кетишидан сўнг нима бўлиши хусусида фикр алмашиб олишимиз керак. Москва ва Тошкент учун мазкур мавзу икки томонлама манфаатли бўлиб, у Россиянинг позициясини ҳисобга олмасдан ҳал қилинмайди”, деди у.

Ислом Каримов Россия учун ҳар доим очиқ бўлганини ва бугун шундай эканлигини қайд этди. “Биз минглаб ришталар билан боғланганмиз. Агар кимдир мазкур умумийликни инкор қилмоқчи бўлса, бу фойдасиз юмуш, турли уйдирма ва гаплар эса иши йўқлар учундир”, деди Ислом Каримов.