Россия Ўзбекистоннинг қандай қарзидан воз кечди?

Россия президентининг шу йил 10 декабрда Тошкент расмий сафари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Ушбу сафар доирасида имзоланган муҳим ҳужжатлардан бири — Россия Ўзбекистоннинг 865 миллион долларлик қарзидан кечгани ҳақидаги хабардир. Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуанов Тошкентда журналистларга маълум қилишича, Ўзбекистоннинг жами қарзлари 890 миллион долларни, унинг 500 миллиони асосий қисми ҳисобланади. Ана шу асосий қисмдан Ўзбекистон тарафи 25 миллион долларни тўлайди. Қолганлари эса Ўзбекистоннинг давлат қарзини енгиллаштиришга кетади.

Вазият билан таниш айрим экспертларнинг айтишича, бу қарз 90-йилларнинг бошида шаклланган бўлиб, сўнгги йиллардаги муносабатлар билан умуман алоқаси йўқ. Шундай бўлса-да, бу қарз икки томон учун молиявий масалаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш учун жиддий муаммо бўлиб келаётган эди.

Россия Президенти Владимир Путин ушбу масалада томонлар узоқ муддат давомида музокара олиб борганини қайд этди. “Биз ушбу масалада узоқ музокара олиб бордик, ҳатто баҳслашдик ҳам. Россияда ўз, Ўзбекистонда ҳам ўз позицияси бор эди. Аммо биз яхши дўст ва шерик сифатида муаммони ҳал қилиш учун ўзаро маъқул ечимни топдик ва бу саҳифани ёпдик”, деди у.