АҚШ Конгресс вакиллар палатаси 1,1 триллион долларли бюджетни қабул қилди

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси мамлакат ҳукумат идоралари фаолиятини молиялаштириш бўйича охирги муддатга бир неча соат қолганда 1,1 триллион долларлик бюджетни маъқуллаб овоз берди.

BBC’нинг хабар беришича, конгрессменларнинг 219 нафари 1600 саҳифали молиявий ҳужжатни қўллаб-қувватлаган бўлса, 209 нафари қарши чиққан. Барак Обама мазкур ҳужжатни имзолашини маълум қилган.
Янги бюджет ҳужжатига кўра, ҳукуматнинг аксарият идоралари фаолияти 2015 йил сентябрь ойига қадар молиялаштирилади. Аммо айрим идоралар қисқа муддатли молиялаш манбаларига эга бўлишади.

Эслатиб ўтамиз, шу йил ноябрь ойида бўлиб ўтган оралиқ сайловларда республикачилар Конгресснинг икки палатасида ҳам кўпчилик ўринларни қўлга киритди.

Хабарда айтилишича, демократлардан бор-йўғи 57 нафари ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлашган. Қолганлар эса Барак Обаманинг республикачилар партияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги чақириғидан жаҳли чиққан. Демократларнинг Вакиллар палатасидаги етакчиси Ненси Пелози Обаманинг позициясидан “ҳайрон қолгани”ни маълум қилди.

Республикачилар Барак Обаманинг ноқонуний мигрантларни депортация қилиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисидаги фармонига қарши бўлгани боис мамлакат Ички ишлар вазирлиги харажатларини фақатгина кейинги йил февралгача молиялаштиришни режалаштирмоқда. Ушбу идора ноқонуний мигрантлар билан ҳам шуғулланади.

Шунингдек, Конгресс қуйи палатаси қонун тўлиқ барча жараёнлардан ўтиши, хусусан, Сенат томонидан маъқулланиши учун 2 кун муҳлат берди. Бу муддат давомида давлат идоралари фаолияти молиялаштирилишда давом этади.

Янги бюджетда Барак Обаманинг “Ислом давлати”га ҳамда Эбола вирусига қарши кураш учун сўраган маблағи
ҳам ўрин олган.

SHARE