Google Translate ўзбек тилида гапира бошлади

Google Translate хизмати тиллари рўйхатига ўзбек тили ҳам қўшилди.

Ҳозирда ўзбек тилидан бошқа тилларга, шунингдек, бошқа тиллардан ўзбек тилига сўзларни ўгириш мумкин. Аммо, ижтимоий тармоқ вакилларининг айтишича, ҳали бу хизмат мукаммаллаштирилиши керак бўлади. Чунки айрим гаплар бузиб таржима қилинмоқда.

Google Translate

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Google Translate рўйхатида ўзбек тили пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида Google компанияси маълум қилган эди. Компаниянинг расмий сайтида кўнгиллиларни жалб қилиш бўйича эълон пайдо бўлганди. Унда автоматик таржима учун тегишли тизимни яратишга ёрдам бериш учун ўзбек ёки бошқа тилда сўзлашувчиларни таклиф қилишган.

Google Translate-2

Ўзбек тили билан бирга, сайтда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари тиллари — қозоқ, тожик ва туркман тиллари ҳам пайдо бўлди.

Google эълонида, жумладан, шундай дейилади:

“…Сиз тилингизни Google Translate қўллаб-қувватлашини хоҳласайсизми? Тилингиз аллақачон қўллаб-қувватланса-да, таржима сифатини янада яхшилашни хоҳлайсизми? Сиз кўнгилли равишда ёрдам беришга қизиқасизми? Унда, илтимос, бизга хабар беринг, биз Сиз билан боғланамиз…”

Google билан ҳамма ўз ёрдамини таклиф қилиш мақсадида боғланиши мумкин. Бунинг учун компаниянинг расмий сайтидаги анкетани тўлдириш талаб қилинади.