Ўзбекистон 2020 йилга қадар 19 та ГЭСни модернизация қилади

Ўзбекистон 2020 йилга қадар 19 та гидроэлектр станцияларини модернизация қилиш ва такомиллаштириш ишларини амалга оширади. Бу ҳақда “Ўзбекэнерго” ДАК бошқарма бошлиғи Абдулла Абдуллаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу чора-тадбирлар ёнилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш учун рўёбга чиқарилади.

Бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, ушбу ишлар натижасида уларнинг қуввати 118,5 МВтга, қўшимча 600 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқаришга етади. Натижада йилига 250 миллион метр куб табиий газ тежаб қолинади.

Абдулла Аҳмедовнинг сўзларига кўра, ҳозирда соҳада янги қувватларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш ва таъмирлашга қаратилган 28 та инвестиция дастури амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон 52 миллиард киловатт соат электр энергия ишлаб чиқариш билан бир пайтда ана шунча электр истеъмол қилади. Электр энергиянинг 83 фоизини иссиқлик электр станциялари ишлаб чиқаради. Уларнинг қарийб 75 фоизи табиий газ сарфи эвазига шаклланади. Қолаверса, сўнгги йилларда мамлакатда нефть ишлаб чиқаришнинг камайиши ҳисобига унинг ўрнини газ билан тўлдиришга ҳаракат қилинмоқда.

Ўзбекистон 2013 йилда 13 миллиард куб метр газ экспорт қилган. Шуни айтиш керакки, мамлакатда йилига 63-65 миллиард куб метр газ қазиб олинади. Унинг тахминан 50 миллиард куб метри ички истеъмолга йўналтирилади. Газнинг 19-20 фоизи электр энергияси ишлаб чиқаришга, 24 фоизи аҳолига, 20 фоизи экспортга, 19 фоизи нефть-газ соҳаси эҳтиёжларига, 11 фоизи саноат эҳтиёжларига йўналтирилади.