Россиядан Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари миқдори кескин камаймоқда

Россия миллий валютаси — рубль қадри тушиб кетиши ушбу мамлакатдан Марказий Осиё мамлакатларига, хусусан, Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари ҳажмининг кескин қисқаришига сабаб бўлмоқда.

Масалан, “КоммерсантЪ” газетасининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, айрим пул ўтказиш тизимларида ноябрь ойида октябрга нисбатан пул ўтказмалари 35 фоизга, августга нисбатан 50 фоизга камайган.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, 2014 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга юборилган пул ўтказмалари 2,57 миллиард долларни, МДҲ мамлакатларига юборилган маблағларнинг 30 фоизини ташкил қилди.

Нашрнинг қайд этишича, айрим ўзбекистонлик мигрантлар Россиядан кўра Қозоғистонга кетишни афзал билишмоқда. Шуни айтиш керакки, Россия рублининг курси шу йилнинг бошидан ноябргача 68 фоизга қадрсизланди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида пул ўтказмалари ҳажми жорий йилнинг иккинчи чорагида 1,787 миллиард долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу давридагига қараганда 1,83 фоиз ўсиш кузатилди.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, иккинчи чоракда Россиядан Ўзбекистонга 1,63 миллиард доллар юборилган. 2013 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1,62 миллиард долларни ташкил қилган эди.

Бунда ҳар бир ўтказманинг ўртача миқдори 555 доллардан 576 долларга етди.

Ўзбекистондан Россияга эса 135 миллион доллар жўнатилган. Бунда ўсиш 16,3 фоизни ташкил қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг биринчи чорагида икки давлат ўртасида пул ўтказмалари миқдори 1,048 миллиард долларни ташкил қилган эди.

2013 йилда Россия Федерациясидан Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан пул ўтказиш тизимлари орқали 6 миллиард 632 миллион доллар миқдорида юборилган. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, бу Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг кўп кўрсаткич ҳисобланади.

SHARE