Ислом Каримов АҚШ элчиси Жорж Кролнинг икки мамлакат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 15 декабрь куни Оқсаройда Америка Қўшма Штатларининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Кролни мамлакатимиздаги дипломатик миссияси тугаётгани муносабати билан қабул қилди.

Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди. Ислом Каримов Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари ўзаро манфаатли барча соҳаларда изчил ривожланаётганини таъкидлади. Президент элчи Жорж Кролнинг мамлакатларимиз ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.

Америкалик дипломат самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистондаги фаолияти давомида муҳим сиёсий воқеалар, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги самарали ўзгаришлар гувоҳи бўлганини таъкидлади. Булар Ўзбекистонни халқаро миқёсдаги ишончли ва истиқболли шериклар қаторига олиб чиқмоқда.

SHARE