Ўзбекистон парламент сайловида ЎзЛиДеП энг кўп депутатлик ўрнини қўлга киритди

Шу йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сайлови бўлиб ўтди. Унда 18 миллион 400 минг нафар сайловчи иштирок этди ва бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 89 фоизини ташкил этади. Бу Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 135 сайлов округининг 113 тасида депутатлар сайланди. Шу жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 47 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 28 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 21 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 17 нафар депутат сайланди.

Қонунчиликка кўра, овоз бериш натижаларини аниқлашда округ миқёсида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпини овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод депутат этиб сайланган деб ҳисобланди.

Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 22 округда номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутат сайланмади.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасига биноан, агар сайлов округи бўйича депутатликка икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан биронтаси ҳам сайланмаса, икки ҳафта ичида энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказилади. Бу ҳолда такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланади.

SHARE