ЎзХДП ЎзЛиДеПни сайловда “ғирромлик” қилганликда айблади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси парламент сайловида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакилларини ЎзЛиДеП сайловолди ташвиқоти материалларидан ташвиқот тақиқланган кунларда ҳам фойдаланганликда айблади. Бу ҳақда партия раҳбари Ҳотамжон Кетмонов сайлов натижаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилган.

“Халқ сўзи” газетасининг ёзишича, ЎзХДП, дастлабки сайлов натижаларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 21 ўрин олди.

Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам сайловолди ташвиқоти давомида партия ғояси ҳамда мақсадларини муфассал ва кенг тарғиб қилишга ҳаракат қилди.

“Сайловларга кириб келишда партия томонидан бундан ҳам кўпроқ депутатлик ўринларини эгаллаш мақсади қўйилган эди. Лекин натижа кутилганидек бўлмади. Шунингдек, сайловолди ташвиқоти даврида ҳамма партиялар ҳам бундан тўғри фойдаланмагани, хусусан ЎзЛиДеП сайловолди ташвиқоти материалларидан ташвиқот тақиқланган кунларда ҳам фойдаланганлиги, айрим оммавий ахборот воситалари эса ЎзЛиДеПга кенгроқ эътибор берганлиги ҳолатлари кузатилгани таъкидланди. Ушбу ҳолатлар партия томонидан тегишли хулосалар қилишга асос бўлади”, — дейилади хабарда.

“Адолат” СДП вакиллари фикрича, қўлга киритилган натижа партия сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг замонавий усуллари ва технологияларидан етарли даражада фойдалана олмагани, партия электорати бўлган илм-фан, айниқса, тиббиёт соҳаси вакилларининг салоҳиятидан унумли фойдаланмаганини кўрсатди. Эслатиб ўтамиз, “Адолат” СДП парламент сайловида энг кам ўринни эгаллади.

SHARE